#кечки_позитив

Болакай билан суҳбат

Яқинда бўлган воқеа. Ишдан қайтаётиб, йўлдаги супермаркетга тўхтадим. Керакли нарсаларни харид қилиб, энди машинага ўтириб кетаётгандим, бир болакай югуриб келди ва “Ака, фалон жойгача олиб бориб қўйинг” деди. Йўлим бўлганлиги учун, “ўтиринг” дедим.

Машинанинг олдига ўтиргач, йўлга чиқдик. Бола чўнтагини кавлаб, сўз бошлади:

- 2 минг сўм берсам бўладими?
- Йўғей, қўяверинг, пулингиз шартмас.
- Олаверинг, ака, Сиз ҳам кўчага бола-чақамни боқаман деб чиққансиз-ку.

Боланинг ҳозиржавоблиги завқимни келтирди ва кулиб юбордим )) Унинг суҳбатини олгим келди.

- Нечанчи синфда ўқийсиз?
- 6-синфда, лекин ҳозир ишлаяпман.
- Қаерда ишлаяпсиз?
- Paynet’да, программистга шогирд тушганман.
- Нима иш қиласиз уёқда?
- Ҳар хил ишлар. Пайнетдан пул тўлайман, телефонларга қўшиқ, программа ёзаман, 3х4 расм чиқараман, фотошоп қиламан, ламинация, ксерокопия қиламан.
- Расмга ҳам ўзиз оласизми?
- Ҳа, ўзим. Бу ишлар унча қийинмас. Агар мабодо кимдир қийинроқ иш сўраб чиқиб қолса, унда устозимни кутиб туришини айтаман.
- Ойлик ҳам берадими устозингиз ёки шунчаки ёрдам берасизми?
- Йўқ, ойлик беради. Кунига 10 минг сўмдан.
- Ойига 300 минг сўм бўларканда?
- Ҳа, шунақа. Менга бўладида шу пул, ака. Мактабга уст-бошим, дафтар-китобимни қилиб оламан.
- Ия, албатта. Шу пулга 1 ой ишлаётган катталар ҳам кўпку. Биринчи йил ишлашингизми?
- Йўқ, ўтган йили ҳам ишлаганман.
- 5-синфлигингизда нима иш қилгансиз?
- Сомсахонада ишлаганман.
- Нима иш қилгансиз у ерда?
- Шу, хамир қориб, сомсага қолип очишга, сомса тугишга ёрдам берардим.
- Ўтган йили ҳам ойлик олганмисиз?
- Ҳа, олганман. 200 минг сўм.
- Ия, унда ойлигингиз 100 минг сўмга кўтарилибди-да?
- Ҳа, шунақа, ойлигим ошди. Бу ҳам майлию, ўтган йилги ишим қийин эди. Ёзда сомсахона жуда исиб кетарди, нафас олиш қийинлашиб кетарди. Ҳозир кондиционерли хонада, салқингинада ишлаб ўтирибман, ишим ҳам унча қийинмас. Лекин ўтган йили яхши томони, ҳар куни ҳовузда сузардим (кулади).
- Қойил. 4-синфлигингизда нима қилгансиз?
- 4-синфлигимда паркда ишлаганман. Акаларимга ёрдам берганман. Ёш болаларни кичкина ўзи юрар машиналарда айлантириб чиқардим.
- Акаларингиз ойлик беришганми?
- Йўқ, лекин мактабга уст-бошимни қилиб беришган.
- 3-синфлигингизда нима қилгансиз? (ажабланиб сўрайман)
- У пайтда ишламаганман, 4-синфдан ишлашни бошладим.
- Мактаб пайтида ҳам ишлайсизми? Ўқишингизга халақит қилмайдими бу?
- Ота-онам мактаб пайти ишлашга рухсат беришмайди. Мактаб пайти тўлиқ дарсларга бораман. Фақат ёзги таътилда бўш ўтирмай деб, ишлаяпманда. Ҳунар ўргансам ўзим учун яхшику, ака.

Шу гапларни айтар экан, болакайнинг ота-онасига ичимда минг раҳмат айтдим. Фарзандининг ўқишини биринчи ўринга қўядиган ота-оналарни кўрсам, эшитсам, хурсанд бўлиб кетаман.

- Ўқишингиз яхшими ўзи? Неча баҳога ўқийсиз?
- Ҳа, яхши, 4-5 баҳога ўқийман. Мактабимни яхши кўраман, устозларимиз ҳам яхши.

Шу жойга келганда, бола айтган манзилга етиб келдик. Тушар экан, 2 та минг сўмликни узатди. “Ўзингизга олиб қўяверинг, ростдан йўл-йўлакай олиб келдим” дедим. “Раҳмат, ака, умрингиздан барака топинг” дея машинадан тушиб, узоқлаша бошлади.

Шунда бирдан ёдимга тушдию, шошилиб “Исмингиз нима?” деб сўрадим. “Илҳом” деди узоқдан.

========

Билимни биринчи ўринга қўядиган, мактабини севадиган, лекин шу билан бир қаторда зарурият туғилганда меҳнатдан қочмайдиган, ота-онасига, оиласига ёрдам бўлсин деб, касб ва ҳунарга меҳр қўйган, шижоатли, софдил ва энг асосийси келажакдан катта умиди бор, кўзи ёниб турган Илҳомлар кўпаяверсин, деб ният қилдим.


👉 @xushnudbek
August 21, 2019
Show {{ comments_count - comments.length > 50 ? 50 : comments_count - comments.length }} comments out of {{ comments_count }}
Show all comments
...
{{comment.user.first_name + (comment.user.last_name ? ' ' + comment.user.last_name : '')}} replied to {{comment.reply_to_comment.user.first_name }} {{comment.reply_to_comment.user.last_name }}
{{comment.date}}, edited
Comment deleted. Undo
No comments here yet...
Do you want to add a new comment?
Go up