​Токсик ота-оналар мавзусини кўтармоқчиман. Аслида уларни муҳокама қилиш ноўрин ҳисобланади. Лекин шундай ота-оналар борлиги – бу факт. Улар дунёнинг исталган мамлакатида бор. Ижтимоий мавқеи, маълумотининг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Афтидан туппа-тузук кўринган одамлар фарзандларига шундай муомала қилишадики, лол қолмай иложинг йўқ. Улар фақат ўзлари билганча тарбия қилишади. Фарзанд фикрини тингламай, унинг шахсиятини синдиришга уринадилар. Токсик ота-оналарнинг фарзандлари катта бўлгач психотерапевтларнинг мижозларига айланади. Синган болалик изсиз ўтмайди... Ўқувчиларимиздан бирининг томонидан юборилган ҳикояни ўқигач, унда тасвирланган болакайни бағрингга қаттиқ босиб, қучгинг келади.

***

“Менинг отам кўп ичарди, доим онамни дўппослагани-дўппослаган. Онам бундай ҳаётдан безиб, шундай пайтларда қочадиган одат чиқарди. Ва биз, болалар бирга қочардик. Тасаввур қилинг: отам эшик томон отилса, биз деразадан қочардик, у ҳовлига кетимиздан чиқса, биз кўчага равона бўлардик. У бизни қувлар, биз эса уйимиз атрофидан нарига ўтмасдик. Бу воқеалар тунда содир бўларди.

Мен отамнинг бундай ҳаракатларидан жуда қўрқардим, онам эса кўп ҳам эътибор бермасди. Назаримда, унинг учун бу воқеалар ҳатто кулгили ҳам туюлгандай. Кунлардан бир кун биз молхонанинг иккинчи қаватига чиқиб олганмиз. Билсангиз, қишлоқдаги молхоналар иккинчи қаватида ем сақланади. Биз ўша ем учун ғамланган ўтлар ичида яшириниб олгандик. Дадам орқамиздан чиқиб: “Мен ҳаммасини кўряпман”, деди-ю, биз ҳар ёққа сочилиб кетдик. Онам биздан аввал пастга тушиб олди. Унинг ўзини тутиши ҳайвонларга хос қўрқувдан бошқаси эмасди.

Мен ҳануз онамни кечиролмаяпман. Нега бизни ҳимоя қилиши керак бўлган энг яқин инсонимиз бизни ҳимоя қилиш ўрнига дадам билан гўёки қувлашмачоқ ўйнарди. Мен ўшанда қанчалар қўрқишимни тасаввур қилганмикан?! Мен одамови, асабий ва мулоқотга кириша олмайдиган қиз бўлиб вояга етдим. Наҳотки, катталар уларга ўйиндек туюлган нарса болалар учун қанчалик қўрқинчли ва аянчли бўлиши мумкинлигини англамасалар?!...

Sukut saqlama.uz га келган мактублардан. Сиз ўз ҳикоянгизни аноним тарзда юборишингиз мумкин: https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9

Диққат: шахсий ҳикоялар остида таҳқирловчи, қадрсизлантирувчи, муаллифни қораловчи шарҳлар ман этилади. Агар бундай шарҳни тасодифан қолдирган бўлсангиз, илтимос, уни ўчиринг. Акс ҳолда ортиқча муҳокамаларсиз шарҳингиз ва сизни саҳифадан ўчиришга мажбур бўламиз.

#СукутCақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон#ТоксикОта-Оналар #кўмак

September 04, 2019
No comments here yet...
Do you want to add a new comment?