https://uzanalytics.com сайтида Ирина Матвиенко Фейсбук ижтимоий тармоғидаги НеМолчи.уз (Сукут сақлама) лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди. Мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мазкур лойиҳани ташкил қилиш ғояси қандай пайдо бўлди?

– Бу Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш лойиҳаси. Мен зўравонлик қурбонлари, баъзи ҳаётий холатлар ҳақида ёзаман, қандай зўравонлик турлари борлиги тўғрисида ҳикоя қиламан. Лойиҳа бошланган илк даврда у мендан жуда кўп вақт талаб этарди. Мен деярли барча шарҳларга жавоб берардим. Кучли стереотиплар борасида тушунтиришлар берар эдим. Кўпинча ўзим айбдорман деган нуқтаи назар билан мурожаат қилишади. Жабрланувчи ёрдам сўраганида у қўллаб-қувватланиш ўрнига, таъна-дашномларга қолиб кетади. Агар зўравонлик юз берса, қурбон эмас, балки золимнинг жавобгарлиги долзарбдир. Лойиҳанинг фаол шарҳловчилари бор, улар муҳокамаларда жабр чекканларни қўллаб-қувватлайдилар. Бизда Тошкентдан ташқарида кўплаб иштирокчилар бор, улар рус тилида гаплашмайдилар. Аҳолининг аксарият қисмига етказиш учун бу масалани ўзбек тилида кўтариш керак. Мазкур йўналишдаги ишни давом эттиришимиз керак, одамларда ўзларига ишонч бериш, тўғри йўл кўрсатиш лозим. Чунки шарҳларга жавоб бераётиб фақат суҳбатдошимиз билан мулоқот қилсак-да, бизни юзлаб, балки, минглаб одамлар ўқийди.

- Хотин-қизлар сизларга тез-тез мурожаат қилишадими? Энг кўп мурожаатлар айнан қайси вилоятлардан келиб тушади?

– Менда вилоятлар бўйича статистика йўқ. Бизга одатда зўравонлик, шилқимлик ҳолатларига оид аноним хатлар юборишади. Уларда шаҳар ва вилоятлар номлари, исмлар ёзилмайди. Бундай маълумотлар ёзилган тақдирда ҳам, биз уларни ўчириб юборамиз. Зўравонлик ҳар қандай мамлакатда мавжуд ҳолат. Фақат қаердадир бу муаммога аллақачон эътибор беришган, қаердадир у ҳақда энди гапирилмоқда, қаердадир эса, бу оддий ҳолат деб қаралади. Айнан ёрдам сўраб, жуда кам ҳолатларда мурожаат қилишади. Ойда бир-икки марта бўлса керак. Шундай ҳолларда вазиятга қараб психолог (бизда кўнгилли психолог бор) ёки Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилишни тавсия қилишимиз мумкин ёки шунчаки ўқувчилар ўз маслаҳатларини берадилар.

- Уй зўравонлигини бартараф этиш ва олдини олишда жамоат ташкилотлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг роли қандай?

– ОАВнинг вазифаси – хабардор қилиш. Ижтимоий тармоқлар ушбу ҳолатга турлича таъсир кўрсата олади. Қаердадир зўравонлик маданиятини қўллаб-қувватловчи муҳит шаклланади (ўша гуруҳ таркиби ва унинг дунёқарашига қараб), қаердадир эса зўравонликка қарши фаол тарзда кураш олиб борилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, зўравонлик муаммоси ҳақида қанча кўп гапирилса, унинг сабаблари, умумий ва алоҳида ҳолатлар, зўравонликни олдини олишга қаратилган давлат сиёсати, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари фаолияти қанча кўп муҳокама қилинса – шунча яхши. Бу – мавзуга эътиборни жалб қилади. Зўравонлик, хусусан, руҳий, иқтисодий кўринишдаги зўравонлик, ота-онага нисбатан салбий муносабатда бўлиш ва шу кабиларнинг мавжудлигини тан олади.

Жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ОАВникига қараганда, кўпроқ амалий хусусиятга эга. ОАВ ахборот тарқатса, НТТлар зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатади: бошпана, бепул юридик ва психологик ёрдам, озиқ-овқат билан таъминлаш ва шунга ўхшаш хизматларни тақдим этиши мумкин. ОАВ жамиятнинг зўравонлик муаммосига бўлган муносабатига тўла таъсир кўрсата олади. Бунинг учун маърифий мақолалар, ахборотларни тарқатиш зарур.

September 02, 2019
No comments here yet...
Do you want to add a new comment?